November 14, 2023

Хорижий тажрибага эга маҳаллий консалтинг компания билан ҳамкорлик давом эттирилади

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва «Financial Compliance Solutions” (FCS) консалтинг компанияси ўртасида ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида битим имзоланди.

Ушбу компания “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясининг собиқ ходимларидан ташкил топган. Битимни имзолашдан мақсад компаниялар ўртасида бухгалтерия ҳисобини трансформация қилиш дастурини амалга ошириш, халқаро стандартларга мувофиқ молиявий ҳисоботларни тайёрлашни жадаллаштиришдан иборат.

Халқаро мутахассислар билан биргаликда “Ўзбекнефтгаз” АЖда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида консолидациялашган молиявий аудит самарадорлигини таъминлаш, бухгалтерия ҳисоби бўлими ходимларининг соҳавий ва минтақавий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда МҲХС талабларига мувофиқ ўқитиш режалаштирилган.

Битимга кўра, минтақа ва АҚШда катта тажрибага эга "FCS Experts" жамоаси "Fast Close” (Ҳисобот даврларини тезкор ёпиш) лойиҳаси доирасида АҚШнинг "PMBoK" (Project Management Body Of Knowledge) тамойиллари ва стандартлари асосида лойиҳаларни комплекс бошқаришни амалга ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

"FCS Experts" билан ҳамкорликда Жамиятда бухгалтерия ҳисоби усулларини такомиллаштириш ва консолидацияланган молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, 2024 йилда молиявий ҳисоботларни консолидациялаш ва ўзгартириш жараёнларини автоматлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш ҳам кўзланмоқда.

Ушбу жараёнларнинг ўзлаштирилиши тизимда ҳисобот даврларини ёпишни тезлаштириш ва МҲХС асосида консолидацияланган ҳисоботларини тайёрлаш сифатини оширишга ёрдам беради.

Шунингдек, "Fast Close" лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилиши Жамиятга Лондон фонд биржасида акцияларни бирламчи ёки еврооблигацияларни қўшимча жойлаштириш орқали инвестицияларни янада кўпроқ жалб қилишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда "Ўзбекнефтгаз" АЖ қулай шартларда 700 миллион доллардан ортиқ миқдорда қарз маблағларини жалб қилинишга эришган эди. Ўшанда Жамиятга МҲХС талабларига мувофиқ аудит қилинган консолидациялашган ҳисоботларни тайёрлашга "FCS Experts" жамоаси ҳам кўмаклашган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг молиявий-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Панкратов:

“Бизнес ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторларни МҲХС асосидаги тезкор ва ишончли ҳисобот билан таъминлаш молиявий функциянинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистон компанияларида бу муаммони самарали ва тезкорлик билан ҳал қилинишида бундай жамоаларнинг хизмати муҳим”.

Маълумот ўрнида, "FCS Experts" аудиторлик хизматларидан ташқари Ўзбекистондаги давлат ва хусусий корхоналар учун бухгалтерия ҳисоби, молия ва лойиҳаларни бошқариш борасида консалтинг хизматларини ҳам кўрсатади. Компания 2021 йилда Тошкент шаҳрида АҚШ, Европа ва МДҲдаги "Катта тўртлик" компанияларидаги халқаро тажрибага эга мутахассислар иштирокида ташкил этилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube