Газни тозалаш қурилмалари модернизация қилинди
2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бошқармадаги барча муҳандислик коммуникациялари ва технологик қурилмаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, углеводородлар қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида бир қатор режали таъмирлаш ишлари бажарилди:
• 4 та технологик қурилмада мукаммал ва жорий таъмир ишлари ўтказилди.
• 2 та буғ қозони, 2 та конденсат йиғиш сиғими, 750 метр сув тармоғи жорий таъмирланди.
• 12 та дизель электр станцияси ва 7 та заҳирани автоматик улаш қурилмаси текширилди.
Шунингдек, 13 та газ ҳайдаш агрегатларида регламент ишлари олиб борилди. Пропан-бутан аралашмасини ажратиш қурилмасида ҳам 4 та ускуна таъмирланди. Газни амин ёрдамида тозалаш қурилмасининг 1-навбати модернизация қилинди, 2-навбатда таъмирлаш ишлари бажарилди. Цеолит ёрдамида газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаларида ҳам режали таъмир ишлари амалга оширилди.
Углеводородли газ конденсатини тозалаш ва қуритиш бўйича 1-4 навбатларда таъмир ишлари олиб борилди.
Ишларни муваффақиятли бажариш учун зарур моддий-техник ресурслар ва эҳтиёт қисмлар тўлиқ таъминланган. Барча қурилмаларнинг узлуксиз ишлаши ва белгиланган режаларни амалга ошириш учун мунтазам назорат ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.