“Ўзбекнефтгаз”: “SOCAR” компанияси билан персонални тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан имзоланган “Йўл харитаси”да персонални тайёрлаш, ходимлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича алоқаларни йўлга қўйиш вазифаси ҳам ўрин олган.
Мазкур “Йўл харита”нинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг апрель ойи охирида “SOCAR” компаниясида персонал билан ишлаш йўналиши бўйича фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар тажриба алмашиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида “SOCAR” компанияси ходимлари билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва HR-департаменти вакилларининг учрашуви ташкил этилди. Унда компаниялар ўртасида персонал билан ишлаш, кадрларни танлаш, ўқитиш ва рағбатлантириш бўйича тажриба алмашиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда компаниялар ўртасида имзоланган “Йўл харита” икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўринга эга эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Озарбайжон компанияси ходимлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали, Бухоро нефть-газ саноати коллежи ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ҳам бўлишди. Ташрифлар давомида персонал билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб олишди.
Май ойида “СОCАР” компанияси ходимларининг навбатдаги гуруҳини “Ўзбекнефтгаз” АЖга ташрифи кутилмоқда.