Метан эмиссияларини қисқартиришга оид лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди
"Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида метан эмиссяларини қисқартириш" лойиҳаси доирасида қурилмаларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича дастурининг биринчи босқичи якунланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади — метан ва бошқа парник газларини қисқартириш ва шу орқали экологияга салбий таъсирни минималлаштиришдир.
Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги метан эмиссияларини қисқартириш лойиҳаси Швейцариянинг VEMA S.A. ва Норвегиянинг ICA-Finance A.S. каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди. Бу ташкилотлар эмиссияларни аниқлаш ва бартараф этиш воситаларини (LDAR) қўллашда катта тажрибага эга.
LDAR (Leak Detection and Repair) тизими – бу “Сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш" га мўлжалланган замонавий технология бўлиб, ушбу жараён лойиҳа доирасида ишга солинди.
Лойиҳа доирасида бажарилган ишларнинг самарадорлигини тасдиқлаш мақсадида 2024 йил 17-18 декабрда “TUV NORD CERT GmbH” верификаторлари бошқармага қарашли “Кўкдумалоқ”, “Зеварда”, “Алан” ва “Помуқ” конларига ташриф буюришди. Ушбу ташриф муваффақиятли амалга оширилиб, ишларнинг натижалари ижобий баҳоланди.
Лойиҳа, нафақат экологик нуқтаи назардан, балки иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳимдир. Парник газларининг эмиссияларини қисқартириш мамлакатнинг иқлимга оид мақсадларини амалга оширишга катта ҳисса қўшади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ESG тамойилларини жорий этилишида лойиҳа бўйича келгусида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда янги стратегик қадамлар билан давом этишни режалаштирмоқда.