November 15, 2024

Мутахассислар Хитойдаги махсус ускуналар ишлаб чиқарадиган заводда бўлишди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси Хитойдаги нефт-газ саноати учун махсус ускуналар ишлаб чиқарадиган завод фаолияти билан танишишди. Ташриф Хитой томонининг таклифига биноан нефт ва газ конларини ўзлаштиришда қўлланилаётган илғор технология ва ускуналар билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилди.

Дастлаб, заводнинг ишлаб чиқариш қувватлари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди. Асбоб-ускуналар орасида суюқ азот билан таъминловчи агрегат, ўралган қувурли агрегатлар, шунингдек, суюқ азот-кислота комбинацияланган қурилмаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу агрегатлардан нефт ва газ қудуқларини эксплуатация қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишда кенг фойдаланилади. Конларни ишлатишда, айниқса оғир геологик шароитларда иш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Ҳамкорлар билан учрашувларда ўзлаштирилиши қийин бўлган заҳиралар ва мураккаб қудуқлар унумдорлигини оширишда инновацион ечимларни талаб қиладиган “Ўзбекнефтгаз” АЖ конларида суюқ азот блокларини қўллаш истиқболлари муҳокама қилинди. Музокаралар давомида Хитой компанияси вакиллари Ўзбекистон нефт ва газ саноати эҳтиёжларига мослаша оладиган юқори даражадаги автоматлаштириш ва технологик инновацияларни намойиш этди.

Томонлар ихтисослаштирилган ускуналар етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда янги технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Компаниямиз вакиллари заводнинг технологик жиҳозланиш даражасини юқори баҳолади ва Хитой томони билан самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Ушбу ташриф Жамиятнинг ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш ва конларда иш самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook