Бурғилаш жараёнларини рақамлаштириш лойиҳаси бошланди
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятини трансформация қилиш дастури доирасида бурғулаш жараёнларини рақамлаштириш лойиҳаси ишга туширилди.
Бурғилаш жараёнларини рақамлаштириш орқали қурилмалардан олинадиган маълумотлар шаффофлиги таъминланади, уларни тўплаш оптималлаштирилади, муаммолар жойида тезкор ҳал этилади. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон омили камайиб, маҳсулдор қатламни сифатли очиш, бурғилаш ишларини беталофат олиб бориш ва қудуқнинг қурилиш муддатини кескин қисқартириш имкони яратилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қудуқларни бурғилашни онлайн назорат қилиш мақсадида махсус ускуналар харид қилинди. Айни пайтда уларни бурғилаш дастгоҳларига ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.
Мазкур ускуналар ёрдамида қудуқларни бурғилаш ва мураккаб қайта таъмирлаш ишлари жараёнида маълумотларни узатиш тизими рақамлаштирилади ва ҳар бир технологик жараённинг олиб бориш тартиби ўзлаштирилади.
Қайд этиш жоизки, бурғилаш параметрларини назорат қилиш тизими ва дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда қудуқлардаги бурғилаш ишлари 24/7 режимида онлайн тарзда назорат қилинади.
Келгусида “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли барча бурғилаш объектлари босқичма-босқич “Бурғилаш ишларини бошқариш маркази” томонидан тўлиқ назорат қилиниши таъминланади.
Бугунги кунда бурғилаш параметрларини назорат қилиш тизими ускуналари ва дастурий таъминот бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.