Технологик аварияларни олдини олиш мақсадида 180 та таъмирлаш ишлари амалга оширилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда 15 мартдан 15 апрелгача “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” ўтказилди.
Ойлик доирасида барча объектлардаги фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган моддий-техника захиралари 96 фоизгача янгиланди. Ташкил этилган 71 та профилактик тадбирда 90 фоиз ходим қамраб олинди.
15 та махсус-тактик, 177 та объект, 76 та огоҳлантириш йиғин-сигнал машғулоти ташкил этилди. Тадбирлар давомида мутахассислар турли сценарийлар бўйича тажриба алмашишди, фуқаро муҳофазаси бўйича билимини мустаҳкамлашди.
Шунингдек, технологик аварияларни олдини олиш мақсадида 180 та таъмирлаш, 383 та техник кўрик ва 73 та режадан ташқари авария тиклаш ишлари амалга оширилди. Фуқаро муҳофазаси тузилмаларини шай ҳолатга келтириш режалари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилди. Барча объектларда шахсий таркибни ҳимоя воситалари ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари давом эттирилди.
Ойлик давомида амалга оширилган ишлар юзасидан мониторинг олиб борилиб, таҳлил натижалари тегишли ташкилотларга тақдим этилди.
Бу каби тадбирлар Жамият фаолиятида хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлаш, ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёрлигини ошириш ва фуқаро муҳофазаси тизимини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.