“Тошкент денгизи” атрофида “яшил белбоғ” яратилади
Президент томонидан қабул қилинган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун кўнгилли ёш ходимлар ташаббуси билан “Тошкент денгизи” оромгоҳида 400 та мевали ва бута дарахтлари кўчатлари экилди.
Экилган дарахт кўчатлари ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди.
Бу борада Фанлар Академияси тавсияси билан сувсизлик ва касалликка чидамли гужум, қайрағоч, катальпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, терак каби дарахт новдалари экилиши белгиланган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 6 октябридан бошлаб, шу кунга қадар тизимдаги бошқарма ва корхоналар томонидан жами 21859 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.Экилган дарахтлар агротехник талаблар асосида парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Кўчат экиш тадбиридан сўнг, Ёшлар иттифоқи аъзолари иштирокида давра суҳбати ҳамда кўнгил очар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.