Бурғилашни рақамли бошқаришда Хитой тажрибаси
Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ Урумчи шаҳрида жойлашган “XIBU Drilling” компаниясининг Бурғилашни бошқариш марказида бўлишди.
“XIBU” компанияси Хитой миллий нефт корпорацияси – "CNPC”нинг ихтисослаштирилган бурғилаш корхонаси бўлиб, 600 та муҳандислик гуруҳидан иборат, 16 мингдан зиёд ходимга эга. У Хитойнинг ғарбий қисмидаги энг йирик нефт-газ ва муҳандислик хизматлари пудратчиси ҳисобланади.
2021 йил сентябрда ишга туширилган “XIBU” Бурғилашни бошқариш маркази 15 та бўлинма, 2 та институт, 4 та ёрдамчи марказни ўз ичига олади.
Ишчи гуруҳ аъзоларига компания томонидан ишлаб чиқилган, бир вақтнинг ўзида бир нечта бурғилаш қурилмаларини бошқариш имконини берувчи рақамли платформа намойиш этилди.
Учрашувда компаниянинг ўта чуқур қудуқларни бурғилаш, йўналишли бурғилаш, цементлаш, қудуқларни тугатиш бўйича кенг кўламли муҳандислик-техник хизматлари, нефт-газ қазиб олишни қайта тиклаш ва кўпайтиришга қаратилган геологик-техник тадбирлар комплексини амалга ошириш йўналишларида тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, бурғиловчилар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, назарий билимларни амалда қўллаш бўйича барча шароитларга эга, замонавий ускуналар билан жиҳозланган Мутахассисларни тайёрлаш марказининг фаолияти ҳам ўрганилди.
“XIBU Drilling” компаниясининг Мутахассисларни тайёрлаш маркази ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши юзасидан музокара ўтказилди.
Ташриф якунида истиқболли йўналишларда алоқаларни ривожлантириш ва қўшма ишчи гуруҳини тузиш бўйича келишиб олинди.