“Ўзбекнефтгаз”: Суюлтирилган газ ва олтингугурт маҳсулотлари истеъмолчиларга фақат биржа савдолари орқали сотилмоқда
Биржа савдоларида шаффофлик даражасини ошириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бир қатор қарорлар имзоланган.
Хусусан, Президентнинг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли, 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сонли ҳамда 2020 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сонли қарорларига мувофиқ юқори ликвидли маҳсулотлар, шу жумладан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ ва техник олтингугурт маҳсулотлари истеъмолчиларга бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали сотилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь-март ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ завод ва бошқармалари томонидан 99,42 млрд сўмлик 18,3 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулотлари товар-хом ашё биржаси орқали ички бозорга сотилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,3 минг тонна кўп ёки ўсиш суръати 166,8 фоизни ташкил қилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида сотилган суюлтирилган газ маҳсулотининг ўртача бир тоннаси нархи 5 440,8 минг сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, 2023 йил январь-март ойларида Муборак газни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган 36,98 млрд сўмлик 67,3 минг тонна олтингугурт маҳсулотлари товар-хом ашё биржаси орқали ички бозорга сотилган бўлиб, ўртача бир тоннаси нархи 549,5 минг сўмни ташкил қилди.
2023 йил январь-март ойларида суюлтирилган газ ва олтингугурт маҳсулотларини товар-хомашё биржаси орқали ички бозорга сотиш натижасида жами 136,4 млрд сўмлик битимлар тузилган бўлиб, 2022 йил мос даврига нисбатан ўсиш суръати 118 фоизни ташкил қилди.
Шу билан бирга, жорий йил 6 февралдан бошлаб Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг реализациясини “Ўзбекнефтгаз” АЖда ташкил этилган савдо майдончаси орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.
Тизимда ягона сотиш сиёсатини йўлга қўйиш ҳамда марказлашган брокерлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида жорий йил давомида тизим корхоналари ва бошқа соҳага оид юридик шахсларга ҳам брокерлик хизмати кўрсатиш режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, бозор тамойиллари асосида маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувини жадаллаштириш ва Республика истеъмолчиларига узлуксиз етказиб бериш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.