April 8

ESG стратегияси натижасида атмосферага ташланадиган чиқиндилар сезиларли қисқарди

O‘zbekcha Ruscha

Сўнгги йилларда экологик барқарорлик ва ижтимоий масъулиятни таъминлаш глобал миқёсда барча йирик компаниялар олдида турган устувор вазифалардан бирига айланди. Ўзбекистонда ҳам ESG (Ecological, Social, Governance – Экологик, Ижтимоий ва Корпоратив бошқарув) стандартларини жорий этиш ва амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу жумладан, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳам ESG мақсадларини стратегик йўналиш сифатида белгилаб, амалий натижаларга эришмоқда. Жамият фаолиятида экологик барқарорлик, айниқса, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Амалий ҳаракатлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилда қабул қилинган ESG мақсадларига кўра, олтингугурт оксиди (SO₂) чиқиндиларини 2030 йилга қадар базавий 2021 йил даражасидан 35 фоизга камайтириш белгиланган эди.

2023 йилда ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Жамият корхоналарида 2030 йилгача ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини босқичма-босқич камайтириш бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Режа доирасида мавжуд технологик ускуналарга модернизация, таъмирлаш ва янги иншоотни ишга тушириш ишлари амалга оширилди. Муборак газни қайта ишлаш заводида ишга туширилган янги иншоот – соатига 12000 метр кубгача нордон газни қабул қилиб тозалайдиган олтингугуртни тозалаш имконини берди. Бу қурилма ишлаб чиқариш жараёнларидаги зарарли газларни тозалаб, атмосферага чиқариладиган SO₂ миқдорини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилди.

ESG мақсадлари учун амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда 90 020,7 тонна бўлган олтингугурт оксиди чиқиндилари 2024 йилга келиб 37 675,2 тоннагача камайтирилди. Бу эса 58,1 фоизга камайиш демакдир. Шу тариқа “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан белгиланган ESG мақсадлари муддатидан олдин тўлиқ бажарилди.

Келгусида ҳам атмосфера чиқиндиларини янада камайтириш, қайта ишлаш ускуналарини замонавийлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доимий эътибор қаратилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати