Узоқ муддатли шерикликнинг навбатдаги қадами: “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Halliburton” технологик кун ўтказди
14 апрел куни Тошкент шаҳрида сунъий интеллект ва илғор таҳлиллар технологияларини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда геология-қидирув, бурғулаш ва углеводородларни қазиб олишни оптималлаштириш бўйича илғор ечимларни намойиш этишга қаратилган технологик кун ўтказилди.
Ушбу мулоқот жорий йилнинг феврал ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва дунёдаги етакчи нефт конларига хизмат кўрсатувчи “Halliburton” компанияси ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давомидир.
Тадбирда ҳар икки компания мутахассислари ва раҳбарлари иштирок этди. Сессияда иштирок этиш учун АҚШнинг Хюстон шаҳридаги бош офисдан техник эксперт ташриф буюриб, етук конларни рақамли ўзгартиришнинг асосий йўналиши бўлган активларни комплекс бошқариш тажрибаси ва методологияси (услублари)ни намойиш этди.
Кун тартибида “Halliburton” компанияси қуйидаги асосий йўналишлардаги энг янги технологик ечимларни тақдим этди:
• Активларни комплекс бошқариш ва “Halliburton” 4.0 – рақамлаштириш, етук конларни интеграциялашган ҳолда бошқариш ва қазиб олиш қийин бўлган захираларни қазиб олишни оптималлаштиришга янгича ёндашувлар.
• Қатламни гидравлик ёриш усуллари – лой, туз ва юқори ҳароратли қатламларни самарали ишлаб чиқиш технологиялари.
• Қудуқларни тугатиш, цементлаш ва перфорациялаш соҳасидаги инновациялар, шу жумладан кўпикли цементлаш ва юқори каротаж кесиш ускуналари.
• Углеводородларни қазиб олиш коэффициентини ошириш ва қазиб олиш харажатларини камайтириш бўйича усуллар.
Сессиялар давомида операцион вазифалар ва эксплуатацион бурғулаш муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди. “Halliburton” мутахассислари дунё бўйлаб шунга ўхшаш лойиҳаларда қўллаётган муҳим кейслар ва иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Ушбу тадбир олдинги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди ва ҳар икки томон стратегик шерикликни мустаҳкамлашга интилаётганини тасдиқлади.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикасида “Halliburton” технологияларини маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш ва белгиланган устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш учун Йўл харитасини тузиш вазифалари белгилаб олинди.