March 17

Нефт-газ саноатини рақамлаштиришда илғор технологиялар билан танишилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари бошчилигидаги мутахассислардан иборат делегация аъзолари АҚШнинг Хьюстон шаҳрида ўтказилган “Digital Oilfield USA 2025” халқаро кўргазма ва конференциясида иштирок этди.

Унда дунёнинг ривожланган мамлакатларидан келган “Chevron”, “Halliburton”, “Shell”, “Schneider Electric”, “Siemens”, “CNPC”, “Hitachi Vantara”, “Schlumberger”, “Altair Engineering” каби йирик нефт саноати компанияларидан 100 дан ортиқ вакиллар қатнашди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ходимлари томонидан “Рақамли трансформация стратегияси: Сунъий интеллектни келажакда жорий этиш учун асос” мавзусидаги маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва фаол муҳокама қилинди. Маърузада асосий эътибор “Altair Engineering” компаниясининг моделлаштириш, сунъий интеллект ва юқори самарали ҳисоблаш технологиялари бўйича ечимларига қаратилди.

Қайд этиш жоизки, кўргазма доирасида Жамият ходимлари томонидан сунъий интеллект, рақамли эгизак, булутли ва гибрид ҳисоблаш, электрлаштириш ва генератив сунъий интеллект, моделлаштириш асосида лойиҳалаш ва ақлли ишлаб чиқариш потенциали тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шунингдек, “TeleWorker AI” компанияси билан биргаликда, робот ҳамда инсон ишчиларни бошқариш ва назорат қилиш учун Tele-Work-as-a-Service дастурий платформаси бўйича қўшма тадқиқотларнинг батафсил тақдимоти билан танишилди. Бундан ташқари, Sproule, NDO Grid, NV5, Riger каби бир нечта компаниялар билан музокаралар ҳам ўтказилди.

Нефт-газ саноатини рақамлаштириш бўйича тингланган 20 дан ортиқ илмий-амалий маърузалар илғор технологиялар ва инновациялар билан танишиш имконини берди. Бу эса "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг сунъий интеллект соҳасидаги ривожланиши учун муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек, “Schlumberger” компаниясининг Katty SLB марказида ташкил этилган учрашувда “Drill-Opps” дастурий таъминоти асосидаги қудуқ бурғилашнинг янги ёндашувига бағишланган тақдимоти ўтказилди. Ушбу дастурий таъминот ёрдамида бурғилашни кўрсатиш учун мўлжалланган тренинг маркази намойиш этилди.

Жамият мутахассисларидан иборат делегация Sugar Land SLB маркази ҳамда Richmond кампусида ҳам бўлиб, геофизик ечимларни жорий этиш ва ўрганиш бўйича мутахассислар билан учрашув ўтказишди. Уларда миллий геологик маълумотлар базасини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Дастурий таъминот тақдим этилди ва маълумотлар базасини яратишда сунъий интеллектни қўллаш масалалари кўриб чиқилди.

Сейсмик маълумотларни қайта ишлаш ва талқин қилиш жараёнларини тезлаштириш бўйича ечимлар, шунингдек, сейсмик маълумотларни сақлаш ва талқин қилиш маркази фаолияти ҳам мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати