August 31, 2023

Ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишилди

O‘zbekcha Ruscha

“Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш доирасида тизим корхоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперацияси асосида импорт маҳсулотлари ўзлаштирилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган “OIL TOOLS FACTORY” МЧЖнинг ишлаб чиқариш базасида бўлишиб, ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, Германия, Россия ва Италия давлатларидан келтирилган силлиқлаш, токарлик, тозаловчи, пармалаш ва пайвандлаш дастгоҳлари ва механик қурилмаларнинг имкониятлари ўрганилди.

Музокаралар давомида “OIL TOOLS FACTORY” МЧЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ эҳтиёжлари учун қуйидаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ва хизматларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди:

– PDC маркали долоталарни таъмирлаш ва қайта тиклаш;
– Қудуқ туби двигателларни (ВЗД) таъмирлаш ва қайта тиклаш;
– Бурғулаш долоталарга муҳандислик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг хизматини ташкил этиш;
– PDC маркали долоталарни ишлаб чиқариш.

“OIL TOOLS FACTORY” МЧЖ томонидан таклиф этилаётган эҳтиёт қисмлар ва хизматларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма ва корхоналарида тадбиқ этиш натижасида, бурғулаш ишларида қўлланиладиган бутловчи қисмларни эксплуатация даврини узайтириш, технологик жараёнлардаги йўқотишларни олдини олиш, импорт ҳажмини 60 фоизга қисқартириш ҳамда ўртача 20 фоиз иқтисодий самардорликка эришилади.

Ташриф якунида маҳаллий корхона томонидан таклиф этилган PDC долоталарни саноат тажриба синовларидан ўтказиш, таъмирталаб қудуқ туби двигателлари (ВЗД) бўйича ўрганишлар олиб бориш ва таъмирлаш учун намуна тақдим этиш ҳамда янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube