December 7, 2023

Янгиланган Конституция бўйича билимлар мустаҳкамланди

O‘zbekcha Ruscha

"Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий аппаратида 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан янгиланган Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита аъзоси Муҳтабар Хусанова, Конституциявий суд судьяси Акмал Раҳмонов, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Фахриддин Мадиев, Жаҳонгир Боқиевлар иштирок этган тадбирда маърузачилар томонидан янги Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган "Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Усманов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини берганини қайд этди.

Рақамли технологиялар ривожланиб бораётган даврда янгиланган Конституцияда шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлашга оид киритилган 31- модданинг аҳамиятига бағишланган маъруза иштирокчилар учун қизиқарли бўлди.

“Инсон туғилганидан бошлаб у ҳақидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда "из" қолдиради. Шифохона, ФҲДЁ бўлимлари, боғча, мактаб, банклар ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд.

Бош қонунимиздаги ушбу модда орқали бундай маълумотлардан фойдаланиш жараёнлари тартибга солиб қўйилгани билан аҳамиятлидир", дейди маърузачи Фахриддин Мадиев.

Тадбирда шунингдек, эндиликда судларда тўғридан тўғри конституциявий меъёрларни қўллаш амалиёти жорий қилингани қайд этилди.

Олий Мажлис вакили Муҳтабар Хусанова янгиланган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этгани, унда барча қатлам манфаатлари акс этгани ҳамда референдум орқали қабул қилинган ушбу ҳужжатнинг чинакам халқ Конституцияси бўлганидан далолат эканлигини таъкидлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube