September 5, 2023

Нефть ва газ объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги бошқарма ва корхоналарда асосий муҳандислик коммуникациялар ва технологик асбоб-ускуналарни куз-қиш мавсумида барқарор ва тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Ушбу режага асосан 103 та технологик қурилма, 29 та қозонхона, 45 та қозон, 268 та сиғим, 52 та ишлаб чиқариш биноси, 31 та газ тақсимлаш пункти, 5 563 метр иссиқлик ва 4 730 метр сув тармоқлари, 138 та трансформатор подстанцияси, 46 885 метр электр тармоғи, 25 657 метр кабель эстакадаси таъмирланди.

Бундан ташқари 300 та сиғимда тозалаш ишлари олиб борилди, 1 471 метр иссиқлик тармоғи изоляция қилинди, 53 та дизель электр станцияси, 110 та узлуксиз электр таъминоти манбаси, 83 та заҳирани автоматик улаш қурилмасининг ишчи ҳолати текширилди.

Шу билан бирга углеводородларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш объектларидаги асосий муҳандислик коммуникацияларида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Кўкдумалоқ”, “Помуқ”, “Алан”, “Жанубий Кемачи” ва “Зеварда” конларидаги газни тайёрлаш қурилмаларининг жами 10 та технологик тармоғида олдиндан режали таъмирлаш, “Сомонтепа” конидаги сиқув компрессор станциясидаги 3 та газ ҳайдаш агрегатида регламент ишлари бажарилди.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфидаги товар газни магистрал газ қувурларига ҳайдаш сиқув компрессор станцияларидаги жами 12 та газ ҳайдаш агрегатида регламент ишлари олиб борилди.

Муборак газни қайта ишлаш заводидаги 7 та - газни олтингугуртдан тозалаш, 2 та - паст ҳароратли сепарациялаш, 3 та - пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш, 5 та - газни қуритиш, 1 та - олтингугурт олиш, 3 та - пропан ёрдамида газни совутиш қурилмалари ва 5 та - газ ҳайдаш агрегатида регламент ишлари ўтказилди. Шунингдек, ҳозирда 2 та газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2 та газни олтингугуртдан тозалаш, 3 та газни бирламчи тайёрлаш, 5 та паст ҳароратли сепарациялаш, пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш, газни цеолит ёрдамида қуритиш қурилмаларида ва cуюлтирилган газни йиғиш омборидаги йиғиш идишида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шарқий Бердақ”, “Урга” ва “Арслон” конларидаги газни комплекс тайёрлаш қурилмаларида 6 та, “Шарқий Бердақ” сиқув компрессор станцияcидаги газ ҳайдаш агрегатининг 1 та технологик тармоғида олдиндан режали таъмирлаш ишлари ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Шўртан газ кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг барча технологик қурилмалари таъмирланган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube