Консалтинг компаниялар учун ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”нинг навбатдаги натижалари сарҳисоб қилинди
Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан давлат улушига эга консалтинг компаниялари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилмоқда.
Ушбу ташаббус профессионал халқаро маслаҳатчиларда катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳадан кўзланган мақсад маслаҳатчилар билан ўзаро ҳамкорликда фаолият самарадорлигини ошириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ва нефть-газ саноатидаги етакчи компаниялар илғор тажрибасини қўллашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида “PWC” ва “Экопси” консалтинг компаниялари томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ва тавсиялар натижалари сарҳисоб қилинди. Иккала компания ҳам МДҲ ва жаҳон бозорида менежмент бўйича консалтинг, комплекс ривожланиш ва трансформация дастурларини амалга ошириш бўйича муҳим ваколатларга эга. Жамиятнинг трансформациялар дастурини юқори баҳолаган халқаро маслаҳатчилар ташаббусларни амалга ошириш ва кўзланган мақсадларга эришишда “Ўзбекнефтгаз” АЖга ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирган.
Хусусан, “PWC” компаниясининг маслаҳатчилари томонидан оптималлаштириш бўйича қуйидаги йўналишлар тавсия этилди:
• “Ўзбекнефтгаз” АЖда коллегиал орган – “Инвестициялар қўмитасини” ташкил этиш, унинг асосий вазифаси лойиҳаларни амалга оширишни комплекс баҳолаш ва қарорлар қабул қилиш, ижросини назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш, шунингдек, лойиҳаларнинг бажарилиши бўйича самарадорлигини баҳолаш этиб белгилаш;
• Ташкилий ислоҳотларни ўтказиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖда инвестициялар ва инвестиция дастурини бошқариш, ўрта муддатли ва стратегик режалаштириш учун масъул бўладиган алоҳида бўлинмаларни ташкил этиш (марказлаштириш воситаларидан фойдаланган ҳолда) имкониятларини кўриб чиқиш;
• бошқарув ҳисоботи тизимини такомиллаштиришни йўлга қўйиш;
• тегишли АТ инфратузилмасини комплекс режалаштириш ва ривожлантириш тамойилларини жорий этиш нуқтаи назаридан режалаштириш тизимини такомиллаштиришни йўлга қўйиш;
• бозор рискларини бошқариш тизимини ишлаб чиқиш ва уларнинг Жамият бюджет кўрсаткичларига таъсирини баҳолашни йўлга қўйиш;
• лойиҳа бошланганидан то якунлаш ва самарадорлигини баҳолаш босқичигача бўлган бошқариш бизнес-жараёнларини автоматлаштиришни йўлга қўйиш;
• Жамиятнинг товар-моддий захиралари ва айланма маблағларини бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган алоҳида лойиҳани ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш;
• режалаштирилган рақамлаштириш лойиҳаларини янада муваффақиятли амалга ошириш имконини берувчи ИТ-технологиялар ва жараёнларни бошқарадиган ихтисослаштирилган бизнес-таҳлил бўлинмасини яратиш имкониятларини кўриб чиқиш;
• асосий кўрсаткичларига эришишни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа фаолиятида иштирок этувчи ходимларни компанияда рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Шунингдек, “Экопси” компаниясининг маслаҳатчилари томонидан Жамиятнинг ташкилий ва функционал тузилмаси, хусусан, тижорат блокини ўзгартиришга қаратилган қуйидаги йўналишлар тавсия этилди:
• саноат хавфсизлиги маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни зудлик билан амалга оширишни Жамиятни трансформация қилиш дастурига киритиш ва йўлга қўйиш;
• етакчи ўқув марказларини жалб қилган ҳолда компания ходимларининг малакасини доимий равишда ошириш, Жамиятнинг иш берувчи сифатидаги обрўсини мустаҳкамлаш мақсадида олий ва касб-ҳунар таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• давлат компаниялари орасида биринчи бўлиб қарорлар қабул қилишда самарадорлик даражасини ошириш ва бюрократияни камайтириш бўйича ўзаро фаолият ишчи гуруҳлари институтини жорий этиш;
• Операцион ва лойиҳа бошқаруви (ОМS) комплекс дастурини амалга ошириш орқали Жамиятда доимий такомиллаштириш ва ўзгаришларни бошқариш дастурини ташкил этиш ва амалга ошириш.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Б.Усманов Жамият раҳбарияти маслаҳатчиларининг тавсиялари билан ходимлар малакасини доимий равишда ошириш бўйича ташаббуслар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, яқин келажакда бизнес-жараёнларни рақамлаштириш лойиҳалари доирасида кадрларни танлашдан тортиб то нафақага чиқишгача бўлган барча жараёнлар мажмуаси самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилишини қайд этди. Шу билан бирга, Б.Усманов саноат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш ва Жамият томонидан амалга оширилаётган ташаббусларнинг давлат ва саноат билан боғлиқлигини таъминлаш долзарблигига эътибор қаратди.
Учрашув якунида масъул ходимларга маслаҳатчиларнинг тавсияларини бажариш, тезкор режаларни ишлаб чиқиш ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Консалтинг компаниялари учун “Очиқ эшиклар куни” давом этмоқда. Яқин кунларда Жамият раҳбарияти учун маслаҳатчилар ҳисоботлари тақдимотлари ўтказилиши режалаштирилган.