“Ўзбекнефтгаз”: Автобензин ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг таҳлили тўғрисида РАСМИЙ АХБОРОТ
2023 йил давомида республика истеъмолчиларини узлуксиз нефть маҳсулотлари, хусусан автобензин билан таъминлаш, нархларни кескин ўсишини олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан белгилаб олинган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.
2023 йилнинг май ойида автобензин ишлаб чиқариш “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тасарруфидаги корхоналарида 23,2 минг тоннани ташкил этди. Ушбу кўрсаткич, 2022 йил май ойига нисбатан 51,2 минг тоннага кам.
Бунга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 2023 йилнинг 10 май – 10 июнь даврида режали таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабаб бўлди.
Шуни таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
2 октябридаги 784-сон қарори билан тасдиқланган “Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисида Низом” талабларига мувофиқ, хавфли ишлаб чиқариш объектларида хизмат муддати 20 йилдан ошган технологик қурилмаларни саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, лицензиялар томонидан амалдаги технологик қурилмаларда бир йилда 1 маротаба жорий таъмирлаш ва 5 йилда бир маротаба мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказиш тавсия этилган.
Қонунчиликда белгиланган талаблар ижросини таъминлаш мақсадида заводнинг босим остида ишловчи сиғимлари саноат хавфсизлиги экспертизасидан тўлиқ ўтказилди ҳамда технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими модернизация қилинди.
Маълумот учун: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида мукаммал таъмирлаш ишлари сўнги бор 2018 йилда амалга оширилган.
Заводнинг таъмирлаш даврида истеъмолчиларни автобензин билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республиканинг барча ҳудудларида зарур миқдорларда захира яратилди ва узилишларсиз етказиб берилиши таъминланди.
Шуни таъкидлаш лозимки, республика истеъмолчиларига нефть маҳсулотларини етказиб беришда узулишларнинг олдини олиш ҳамда ички бозорда ажиотаж талабни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, завод белгиланган муддатдан 10 кун олдин ишга туширилди ва автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватлари 140 %га қадар оширилди.
2023 йилнинг январ-май ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда жами 659,6 минг тонна суюқ углеводород хом ашёлари қайта ишланган бўлиб, бу кўрсатгич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 103 %ни ташкил этган.
Ушбу даврда 410,5 минг тонна автобензин маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб (шундан январь 105,9 минг тонна, февраль 92,6 минг тонна, март 94,7 минг тонна, апрель 94,1 минг тонна, май 23,2 минг тонна), белгиланган режа 103 %га бажарилган ёки 10,6 минг тоннага кўп.
Таҳлилий ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида буганги кунда, автобензин ишлаб чиқаришнинг кунлик хажми 2 500 тоннадан 3 000 тоннага оширилди.
2023 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилганлигига қарамасдан, жорий йил якунига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жами 995,8 минг тонна автобензин (2022 йил кўрсаткичига нисбатан 100%) ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.