Иш жойида таъқиб ва зўравонликка қарши курашиш
2014 йилда БМТ Бош котибининг хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган ташаббуси билан ҳар йили дунё миқёсида, жумладан Ўзбекистонда ҳам 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.
Маълумки, Ўзбекистонда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, унинг ҳар қандай кўринишига муносиб жазо тайинлаш миллий қонунчилигимизда қатъий белгилаб қўйилган.
Мамлактимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ҳам иш жойидаги таъқиб ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган сиёсати ишлаб чиқилди. Унда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликка қарши курашиш ва хавфсиз иш муҳитини яратишга йўналтирилган бир қанча муҳим жараёнлар белгиланган.
- Ҳужжатнинг асосий мақсади ишдаги турли хил таъқибларнинг олдини олишга қаратилган, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши раиси Лобар Абдулажанова. - Зўравонликнинг барча шаклларига қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш натижасида, ходимларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинади. Ҳар бир ходим бу сиёсатга риоя этиши шарт бўлиб, агар тартиб бузилса, компаниянинг ахлоқий комиссияси томонидан интизомий жазо белгиланади.
Жамият Марказий аппарати, бошқарма ва заводлар ишчи-ходимлари ўртасида ушбу сиёсатни тушунтириш тадбирларида таъқиб ёки зўравонликни кўрганда, бу ҳақда этика комиссияси ёки тегишли органларни хабардор қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ходимлар аноним тарзда шикоят қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Компания тергов давомида махфийликни сақлайди ва жабрланувчилар, шикоятчилар ва гувоҳларни ҳимоя қилади.
Ушбу ҳужжат билан "Ўзбекнефтгаз" АЖ хавфсиз иш муҳитини яратиш, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъқиб ёки зўравонлик ҳолатларини тезкорлик билан ҳал қилиш масъулиятини ўз зиммасига олади.
Жамият тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш самарадорлигини баҳолаш учун унинг бажарилишини назорат қилади. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари билан шуғулланувчи Одоб-аҳлоқ комиссияси Бошқарув раисига ушбу Сиёсатга риоя қилинганлиги, жумладан ҳодисалар сони, улар қандай ҳал қилинганлиги ҳақида ҳисобот беради.
Шунингдек, компания ҳуқуқни ҳимоя қилувчи давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, ушбу муаммоларни бартараф этиш учун чоралар кўради.