Аёлларда етакчилик қобилиятларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди
"Ўзбекнефтгаз" АЖда аёлларда етакчилик қобилиятларини шакллантиришга қаратилган учрашув ўтказилди.
Унда иштирок этган психолог Дилдора Абдумажидова аёлларнинг етакчилик қобилиятларини шакллантириш, уларнинг эмоционал ақли ва раҳбарлик ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
Маърузада тадқиқотчилар аёлларнинг етакчилик қобилиятлари трансформацион лидерлик билан боғлиқ эканини таъкидланди. Трансформацион лидерлик — бу аёлларнинг жамоа аъзоларини илҳомлантириш, уларга юқори мақсадларга эришишда ёрдам бериш, янгиликларни жорий қилиш ва муаммоларни ижобий ҳал қилиш қобилиятига эга бўлган етакчилик туридир. Бундай лидерлар нафақат муаммоларни аниқлайди, балки уларни ижобий йўл билан ҳал қилиш учун креатив ва инновацион ёндашувларни қўллайдилар.
Аёлларга хос бўлган муҳим сифатлардан бири уларнинг мослашувчанлиги ва бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифаларни бажариш қобилиятидир. Бу хусусиятлар аёлларни раҳбарликда самарали қилади. Чунки улар кўпинча якка ўзлари муаммоларни бир неча ёндашувлар билан ҳал қилишга ўрганган. Бу эса унга жамоа билан ишлашда юқори даражадаги мувофиқликни таъминлашга ёрдам беради.
Шунингдек, аёлларга хос бўлган эмоционал ақл ҳам муҳокама қилинди. Аёллар ўз табиий ҳиссиётларини тийиш ва бошқаришда юқори даражадаги маҳоратга эга. Раҳбар аёллар, ишда қарор қабул қилишда ўзининг эмоционал ҳолатини назорат қилиш ва аниқ, тушунарли фикрларни билдиришга эътибор беришлари лозимлиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, қарорларнинг самарадорлигини таъминлаш ва иш жойидаги муносабатлар ўртасидаги мувозанатни сақлашда муҳимдир.
Аёл раҳбарлар учун оилавий муносабатлар, тарбия ва касбий фаолиятнинг барчаси муҳимдир. Бундан келиб чиқадиган маъно шундаки, аёллар ўз раҳбарлик вазифаларини бажариш билан бирга, оилавий ва шахсий ҳаётни ҳам муваффақиятли бошқара олишлари керак. Бу аёлларга жуда катта масъулиятни юклайди, лекин улардаги кўп вазифани бажариш қобилияти ва ҳолатларга мослашиш фаолияти уларни самарали раҳбарга айлантиради.
Ушбу учрашув аёллар етакчилигини ривожлантиришга ва уларни раҳбарлик ролларидаги самарадорликни оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.