Стипендия ғолиблари аниқланди, энг фидойи устоз тақдирланди
Президентнинг “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида стипендиялар дастури ва “Энг фидойи устоз” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, 2024 йил якунлари бўйича корхонанинг энг фаол ходимлари ҳам тақдирланди.
“Uzbekistan GTL” заводи — бу нафақат стратегик аҳамиятга эга саноат кластери, балки мамлакатимиз иқтисодиёти учун малакали кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратадиган таълим ва амалиёт маскани ҳамдир. Завод учун малакали ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш, илмга чанқоқ ва билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим бериб келаётган устозларни муносиб рағбатлантириш бугуннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу йўналишлар бўйича корхона томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, анъанага айланиб қолган ҳамда бу ўқув йили учун олтинчи бор ўтказилган “UzGTL” стипендиялар дастури ҳамда учинчи бор ўтказилган “Энг фидойи устоз” танлови бунинг яққол мисолидир.
Тантанали тарзда ташкил этилган тадбирда дастлаб стипендиялар дастури фаол иштирокчилари, сўнг дастур ғолиблари тақдирланди. Ушбу дастурнинг асосий мақсади мамлакат келажаги бўлган шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик қилиш, илмий ижодий ишларда фаол бўлган олий таълим муассасалари талабаларини аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдир.
Ушбу дастур талабалар орасида кенг оммалашган бўлиб, шу даврга қадар унда 10512 нафар талаба иштирок этди. Шу вақтга қадар 87 нафар фаол иштирокчи ва 69 нафар ғолиб бир неча босқичли имтиҳонлар орқали саралаб олинган бўлса, 700 нафардан зиёд талаба ишлаб чиқариш амалиётига тавсия этилган.
Жорий ўқув йили учун ўтказилган танловга 1687 нафар номзод ариза топширган бўлиб, улар орасидан 7 нафар ғолиб, 23 нафар фаол иштирокчи саралаб олинди ҳамда 244 нафари ишлаб чиқариш амалиётига тавсия этилди. Танлов ғолибларига белгиланган миқдорда стипендия тўлаб борилади ва заводнинг кадрлар захирасига киритилади.
Шунингдек танловнинг 3-босқичига ўтган барча иштирокчи ишлаб чикариш амалиётини ушбу заводда амалга ошириш имкониятига эга бўладилар. Амалиёт даврида 3 маҳал иссиқ овқат, транспорт ва яшаш шароитлари бепул таъминланади.
Учинчи бор ўтказилган “Энг фидойи устоз” танловининг асосий мақсади мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқлари учун бўлажак мутахассисларни етиштираётган, хусусан, кўплаб иқтидорли талабаларга устозлик қилиб келаётган олий таълим ташкилотларининг ўқитувчи-мураббийларини аниқлаш ва уларни муносиб равишда рағбатлантиришдир. Танловнинг муҳим томони шундаки, лауреатлар талабалар ва корхона ходимлари томонидан кўрсатилган номзодлар орасидан овоз бериш йўли билан саралаб олинади. Онлайн сўровномалар ва якуний суҳбат натижаларига кўра жорий йилги танловда 3 нафар устоз ғолиб деб эътироф этилди. Улар моддий рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир доирасида завод муваффақиятларига катта ҳисса қўшган йилнинг энг яхши ходимларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Улар ўз вазифасини аъло даражада бажарган, балки корхона тараққиёти учун янги ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириб, ҳамкасбларига намуна бўлганлардир. 2024 йил якунига кўра, йил ходими, йилнинг энг яхши муҳандиси, йилнинг энг яхши рационализатори, йилнинг энг яхши механиги, йилнинг энг яхши фидокор ходими, энг яхши технологик қурилма кузатувчиси ва самарали меҳнатлари учун каби номинацияларда 15 нафар корхона ходими раҳбарият томонидан эътироф этилди.
"Йил ходими" номинацияси ғолиблигига Бош директорнинг биринчи ўринбосари Карабаев Равшан Раҳмонжонович лойиқ деб топилди.