December 27, 2024

Таълим ва ишлаб чиқариш кластери бўйича қилинган ишлар сарҳисоби 

O‘zbekcha Ruscha

Президентимизнинг “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар жорий йилда ўзининг юқори самарасини кўрсатди. Ушбу кластер мамлакатдаги ёшлар таълими ва иш ўринлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда муҳим рол ўйнайди.

Жорий йилда нефт ва газ соҳасида 2 100 нафардан ортиқ талаба учун ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ташкил этилди. Амалиётга келганлар учун транспорт, яшаш ва иссиқ овқат билан таъминланди. Бу каби амалий тажриба, бўлғуси кадрларга ўз соҳасидаги билимларини чуқурлаштиришга ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишга имконият яратди.

Кластер доирасида 25 нафардан ортиқ иқтидорли талабага “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг стипендиялари тайинланди. Бу стипендиялар талабаларнинг таълим жараёнини енгиллаштиришга ёрдам бериб, нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки уларга ишлаб чиқариш соҳасида амалиёт ўташ имкониятини ҳам яратди.

47 нафар ходим олий таълим муассасаларига сиртқи таълим шакли асосида ўқишга тавсия этилди. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналаридаги мутахассисларнинг билимларини оширишга ёрдам берди. Шунингдек, 160 нафар профессор-ўқитувчи ва илмий ходимларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкага жалб этиш уларга замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари ва технологияларини ўрганиш имкониятини берди.

80 нафардан ортиқ ўқувчи учун (Ғузор тумани 68-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаби ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали академик лицейи) ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш мақсадида заводларга экскурсиялар ташкил этилди. Бу тадбирлар талабаларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан бойитишга кўмаклашди.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва ходимларнинг иш жараёнларидаги талабларга мослаштириш мақсадида 2600 нафардан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимлари “UNG training” МЧЖ ва “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖда малака ошириш курсларида иштирок этди.

Шунингдек, 50 нафардан ортиқ ходимлар Таълим кластери доирасида илмий-тадқиқот ишларига (таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчи) жалб қилинган. Бу тадбирлар соҳага янги билимларни олиб кириш ва самарали инновацияларни амалиётга жорий қилишга ёрдам берди.

230 нафардан ортиқ битирувчи Таълим кластерига киритилган корхоналарга ишга қабул қилинди. Бу тадбир нафақат талабалар учун, балки ишлаб чиқариш корхоналари учун ҳам фойдали бўлиб, ишлаб чиқариш соҳасида малакали кадрлар билан таъминланишга ёрдам берди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан Бухоро нефт ва газ саноати коллежида замонавий сунъий интеллект хонаси ташкил этилди. Бу янги ташаббус коллеж ўқувчиларига замонавий технологиялар ва сунъий интеллектни ўрганиш имконини берди.

Бундан ташқари, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Бухоро муҳандислик-технология институтида “Шўртан газ кимё мажмуаси” ва “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ кўмагида илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди.

Таълим ташкилотларининг нефт-газ соҳасига оид ўқув режа ва фан дастурлари ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим ташкилотларининг малакали мутахассислари томонидан қайта кўриб чиқилди. Талабаларнинг жаҳон андозаларига мос кадр қилиб тайёрлаш мақсадида ўқув дастурларида хорижий тиллар, ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация ва лойиҳалаш технологияларининг улуши оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерининг ташкил этилиши ва амалга оширилган тадбирлар, шубҳасиз, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш орқали, нафақат юқори малакали кадрларни шакллантириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, балки соҳага янгидан-янги илғор технологиялар жорий қилишда ҳам катта рол ўйнайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook