10 нафар иқтидорли ўқувчига “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланди
Хабарингиз бор, 2022 йил 7 июлда давлатимиз раҳбари томонидан “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу қарорга мувофиқ Таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти нефть ва газ соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш ҳисобланади.
Таълим кластери доирасида ўқувчиларни ишлаб чиқариш корхоналари учун устувор касбларга йўналтириш ҳам мақсад қилинган.
Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ўқувчиларининг касбга бўлган қизиқишларини ошириш, интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида 10 нафар иқтидорли ўқувчига 2023-2024 ўқув йили учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси жорий этилди.
Стипендия ғолибларига махсус сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баробарида белгиланган бўлиб, ўқув йили давомида ҳар ойда тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали 9 нафар талабасига “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланган эди.