Ёш кадрлар билан очиқ мулоқот
Аввал хабар берилганидек, шу кунларда нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш корхонларида фаолият олиб бораётган ёшлар учун яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотлари ўтказилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси иштирокидаги навбатдаги учрашувда “Uzbekistan GTL”, Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан, Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларининг ёш ходимлари иштирок этди.
Тадбирда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, чет эл грантларини ютган, юқори лавозимларга тайинланган ҳамда спорт оламида ном қозонган зукко, изланувчан ва фаол ёшлар Жамият фахри экани эътироф этилди.
Соҳани ривожлантириш йўлида ёшларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Корхоналарда ёш кадрлар сафини кенгайтириш учун уларни қўллаб-қувватловчи турли лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, ўзаро мулоқот алмашиш учун ягона платформа яратиш, “Нефт-газ википедияси” - ягона миллий маьлумотлар базасини яратиш бўйича кўрсатма берилди.
Мулоқотда ўртага ташланган муаммолар, уларнинг ечими бўйича таклифлар, масъулларга берилган кўрсатмалар ижроси ҳар чоракда Бошқарув раиси ва ёшлар иштирокида ўтказиладиган йиғилишларда муҳокама қилиб борилиши таъкидланди.
Келгусидаги режалар ёш ходимлар фикр ва таклифлари асосида янада бойитилиши қайд этилди.