“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар Қозоғистоннинг Атирау нефтни қайта ишлаш заводида жорий этилган янги инновацион технологиялар билан танишдилар
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда унинг тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “Uzbekiston GTL”, Шўртан газ кимё мажмуаси мутахассисларидан иборат делегация Қозоғистоннинг Атирау нефтни қайта ишлаш заводида бўлишди.
Ушбу ташриф “Vostock Capital” компанияси ташаббуси билан Қозоғистонда ўтказилган “Даунстрим Қозоғистон ва Марказий Осиё 2023” нефть ва газ тўққизинчи халқаро конференцияси дастури доирасида амалга оширилди.
Мутахассислар заводнинг ишлаб чиқариш технологик қувватлари, имкониятлари ва заводда жорий этилган янги инновацион технологиялар билан яқиндан танишдилар.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, Атирау нефтни қайта ишлаш заводи “КазМунайГаз” АЖ қарашли завод бўлиб, Қозоғистоннинг энг йирик 3 та нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади. Завод 1945 йилда ишга туширилган. Заводда авто ёқилғилардан ташқари кимё соҳаси учун керакли бўлган бензол, параксилол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорга реализация қилиш йўлга қўйилган.
Заводда амалга оширилган комплекс модернизация ишлари натижасида нефтни қайта ишлаш қуввати 5,5 млн тоннага ва хом ашёни қайта ишлаш чуқурлиги 75,4 фоиздан 84 фоизга оширилган. 2009-2018 йиллар мобайнида заводда ароматик углеводородларни ишлаб чиқариш комплекси, каталитик крекинг, бутен фракциясини олигомеризациялаш, бензолни гидрирлаш ва енгил бензинларни изомеризациялаш каби замонавий нефткимё технологик жараёнлари жорий этилган.
Заводда “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти ва амалга оширилаётган яқин ва узоқ истиқболлардаги нефть ва газ соҳасидаги лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, томонлар ўртасида ўтказилган музокаралар давомида мутахассислар тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ўртага ташланди.
Ташкил этилган ушбу техник ташриф “Даунстрим Қозоғистон ва Марказий Осиё 2023” нефть ва газ тўққизинчи халқаро конференцияси иштирокчиларида замонавий лицензион технологик қувватларни амалиётда кўриш ҳамда улар ҳақида маълумотларга эга бўлиш имкониятини берди.