Халқро стандартларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг март ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва "Нефт ва газ технологик ташаббуслари институти" (ИНТИ) ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасида нефт ва газ соҳасида стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолашни ривожлантириш тўғрисидаги Меморандум имзоланган эди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ, Ўзбекистон стандартлар институти ва ИНТИ ўртасида имзоланган ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида томонлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда ИНТИ стандартларини қўллаш, жумладан, миллий стандартларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар Россия ва Ўзбекистонда нефт-газ саноатининг технологик ривожланишини рағбатлантириш учун стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини такомиллаштириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ушбу Меморандум нефт ва газ ускуналарини стандартлаштириш ва мувофиқлигини баҳолашда Россия-Ўзбекистон ўртасида ягона стандартларни яратишга хизмат қилади.