Стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолашни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди
Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтдаги “Hilton” меҳмонхонасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россия Федерациясининг Нефть ва газ технологик ташаббуслари институти (ИНТИ) ҳамкорлигида ташкил этилган “Техник кун” халқаро конференциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда энергетика, нефтгаз ва автоматика соҳасидаги ускуналарни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар саноат корхоналарида ИНТИ томонидан ишлаб чиқилган стандартларни қўллашнинг аҳамияти ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда ИНТИ томонидан қазиб чиқаришда фойдаланиладиган жиҳозлар, босим остида ишловчи аппаратлар, ротацион ва насос ускуналари, автоматлаштириш, қурилиш меъёрлари ва бошқа йўналишлар бўйича 170 дан ортиқ стандарт ишлаб чиқилган.
Анжуманда институт мутахассислари томонидан ушбу стандартлар ҳақида батафсил маълумотлар берувчи тақдимотлар қилинди.
Алоҳида ташкил этилган сессияларда маҳаллий ва хорижлик экспертлар халқаро стандартларни Ўзбекистонга киритиш ва ишлаб чиқариш корхоналарида қўллаш ҳамда уларни техник жиҳатдан тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар билан уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, нефт-газ, энергетика ва автоматика соҳасига ихтисослашган йирик хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган геологик қидирув, қайта ишлаш ускуналари, логистика хизматларининг ички ва ташқи бозорда харидоргирлигини ошириш бўйича замонавий ечимлар ҳақида сўз юритилди.
Конференциянинг биринчи куни доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Ўзбекистон стандартлар институти ва ИНТИ ўртасида нефт ва газ соҳасида стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолашни ривожлантириш тўғрисидаги Меморандум имзоланди.