Хитойнинг “CNPC” компаниясига қарашли корхонада тажриба алмашилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларидан иборат делегация тажриба алмашиш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг “CNPC” компаниясига қарашли Жанубий Ғарбий нефт ва газ қазиб олиш корхонасида бўлишди.
Ташриф доирасида томонлар ўртасидаги алоқаларни янада яхшилаш ва қазиб чиқаришда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги лойиҳаларга бағишланган қатор учрашувлар ўтказилди.
Делегация азолари Жанубий Ғарбий нефт ва газ қазиб олиш компаниясининг Марказий диспетчерлик хизмати, Бурғилашни назорат қилиш маркази ҳамда илмий тадқиқот институтида бўлиб, бу ерда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишда амалга оширилаётган янгиликлар билан яқиндан танишдилар.
Хорижий ҳамкорлар билан Ўзбекистонда биргаликда амалга оширилаётган тадбирлар, амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли сувланганлик даражаси юқори бўлган қудуқларни барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда жараёнларда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида синов тариқасида махсус насос курилмасидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлатимиз раҳбарининг январь ойида Хитойга қилган ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси мамлакат энергетика саноатининг гиганти - "CNPC” миллий нефт-газ компаниясига тегишли бўлган "CNODС” билан кон ва конларни ривожлантириш лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борган эди.