Раҳбар кадрлар лидерлик ва бошқарув кўникмаларини оширишди
Мамлакатимизда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини амалга ошириш доирасида нафақат иқтисодий ислоҳотлар, балки инсон капитали ва раҳбарлик салоҳиятини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда, нефт-газ саноати ходимлари учун халқаро миқёсда етакчи консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда қатор тренинглар ва малака ошириш семинарлари ташкил этилмоқда.
Пойтахтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва халқаро консалтинг компанияси - “Ernst & Young” ҳамкорлигида яна бир тренинг ўтказилди. Унда Жамият раҳбарияти ва департамент бошлиқлари иштирок этди.
Мазкур тадбир раҳбар кадрларнинг бошқарув ва лидерлик қобилиятларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, нефт-газ соҳасида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим рол ўйнайди.
Тренинг давомида иштирокчилар бошқарув кўникмалари ва қарорлар қабул қилиш, вақтни бошқариш ва устуворликларни белгилаш, лидерлик ва жамоани шакллантириш, мулоқот самарадорлиги ва низоларни ҳал қилиш каби йўналишлар бўйича билим, кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлдилар.
Тренингдаги малака ошириш жараёни нафақат назарий, балки амалий машғулотларни ҳам ўз ичига олди. Иштирокчилар вазиятларни таҳлил қилиш, масалаларни ечиш стратегияларини ишлаб чиқиш каби амалий топшириқларни бажариш орқали янги кўникмаларни шакллантирдилар. Шунингдек, замонавий сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали меҳнат жараёнларини автоматлаштириш ҳамда самарадорликни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ушбу тренинг иштирокчиларнинг келгусидаги иш самарадорлигини оширишга, иш жараёнидаги етакчилик қобилиятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.