Самарадорлик ва натижадорликни ошириш (KPI) тизими янада такомиллаштирилмоқда
Рақобат ривожланиб бораётган ҳозирги замонавий бозор иқтисодиётида инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Халқаро тажрибада давлат хизматининг самарадорлик кўрсаткичлари KPI - Key Performance Indicator – энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари орқали баҳоланиб келинади. Бунда самарадорлик ташкилот томонидан қўлга киритилган натижанинг маълум бир вақт мобайнида мақсадга эришиш учун сарфланган харажатига нисбатан аниқланади.
KPI – бу ташкилот (идора, муассаса ва корхона)лар ва хизматчилар фаолиятини белгиланган талаб даражасида олиб борилишини ёки белгиланган мақсадга эришишни назорат қилувчи, баҳоловчи самарадорлик ёки натижадорлик кўрсаткичи деб ҳам юритилади.
Шундай экан, “Ўзбекнефтгаз” АЖда ҳам самарадорлик ва натижакорликни ошириш мақсадида KPI тизими тадбиқ этилмоқда.
Бугун жамият марказий аппарат ходимларига KPI тизимининг афзалликлари, уни иш фаолиятида қўллаш, шунингдек, янгиликлар билан ходимларни таништириш мақсадида тақдимот ўтказилди.
Унда таркибий тузилма раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва бўлим бошлиқлари, шунингдек СМК (самарадорлиги муҳим кўрсаткичлари) ҳисоботларини шакллантиришга масъул бўлган ходимлар иштирок этдилар.
Тақдимотда жамиятда KPI тизими самарадорлигини мониторинг қилиш, тизимнинг ишлаши ва натижадорлиги бўйича маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, кўрсаткичлар тўғри ёки хато танланганлигини ўрганиш, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, эришилган юқори натижадорлик учун ходимлар моддий рағбатлантирилиши бўйича тушунтиришлар берилди.
KPI дан фойдаланиш ташкилотга нафақат самарадорлик ва натижакорликга эришиш, балки фаолиятнинг ички механизмларини ҳам қайта кўриб чиқиш имконини беради.