“Ўзбекнефтгаз”: “SOCAR” компанияси билан қўшма корхона ташкил этишни назарда тутувчи баённома имзоланди
Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси Боку энергия ҳафталиги доирасида ўтказилаётган кўргазма ва конференцияда иштирок этмоқда.
Форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Озарбайжон Республикаси “SOCAR” Давлат нефть ва газ компанияси президенти Ровшан Наджаф билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, нефть ва газни ҳамкорликда излаш ва қазиб олиш, турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида доимий тажриба алмашиш ва малакасини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
“SOCAR” компанияси мутахассисларининг юқори тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Озарбайжон томонига “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг сейсмик қидирув ишлари ва бурғилаш қурилмаларини назорат қилишда иштирок этиш таклиф этилди.
Суҳбат чоғида савдо операцияларини биргаликда ташкил этиш тўғрисидаги лойиҳани амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида томонлар савдо бўйича қўшма корхона ташкил этишни назарда тутувчи аҳдлашув баённомасини имзоладилар.
Эслатиб ўтамиз, “Каспий нефть ва гази – Caspian Oil & Gas 2023” халқаро кўргазма ва конференцияси нефть-газ ва энергетика соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берувчи платформа ҳисобланади.
Ушбу нуфузли тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ узоқ йиллик ҳамкори “SOCAR” компаниясининг таклифига биноан ўз стенди билан иштирок этмоқда.