January 14

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да метан эмиссияларини қисқартириш бўйича янги режалар белгилаб олинди

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йилнинг мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” сифатида белгилаб олиниши мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш учун муҳим қадамларни ташлашга асосий эътиборни қаратмоқда. Хабарингиз бор, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Швецариянинг “Vema S.A.” компанияси билан ҳамкорликда “Метан эмиссияларини қисқартириш” лойиҳасини илгари сурмоқда.

Бугун компания вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда лойиҳа доирасида эришилган ижобий натижалар ва келгусида алоқаларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу лойиҳа доирасида Жамият тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналарида амалга оширилган ишлар натижасида метан эмиссиялари 16 миллион куб метрга камайтирилди, бу 297 минг тонна СО2 эквивалентига тенгдир. Ушбу натижа мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги муҳим саъй-ҳаракатларидан бири бўлиб, глобал миқёсдаги иқлимга доир жадал ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшади.

Қайд этиш жоизки, метан эмиссияларини камайтиришга бағишланган COP 26-саммитида “Global Methane Pledge” ташаббуси қабул қилинган бўлиб, 2022 йилда мамлакатимиз ушбу ташаббусга қўшилган. Бу орқали давлатимиз глобал иқлим ўзгаришини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишни мақсад қилмоқда. Метан эмиссияларини камайтириш лойиҳалари келгусида Ўзбекистоннинг Париж келишувига асосан белгиланган иқлимга оид мажбуриятларини бажаришга ҳам ёрдам беради.

Мазкур лойиҳа нафақат иқлимнинг яхшиланишига, балки энергия сарфини тежаш ва ишлаб чиқаришга янги технологияларни татбиқ этиш орқали иқтисодиётни мустаҳкамлашга ҳам олиб келади.

Маълумот учун “Vema S.A.” компанияси бу каби лойиҳаларда мураккаб технологиялар ва методларни жорий қилиш бўйича 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. Учрашув якунида, мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилиши керак бўлган янги стратегик қадамлар ҳам белгилаб олинди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook