January 4, 2024

Яна 15 нафар талабага стипендия тайинланди

O‘zbekcha Ruscha

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, билимли ва салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар томонидан ҳар ўқув йили учун стипендиялар жорий этилмоқда.

Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан ҳам Қарши давлат университети ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабалари учун "6-Стипендия" дастури эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу танловнинг олтита йўналиш бўйича иккита синов босқичидан муваффақиятли ўтган Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг 10 нафар, Қарши давлат университетининг 5 нафар талабаси 2023-2024 ўқув йили учун мўлжалланган стипендияни қўлга киритди.

Бундан ташқари, яна 15 нафар талаба мажмуада амалиёт ўташ йўлланмасининг ғолиби бўлди.

Бу каби стипендия дастурларининг мунтазам равишда ўтказилиб борилиши, нефть ва газ соҳасида таҳсил олаётган аниқ мақсад сари интилувчан ёшларни ўз билим ва салоҳиятларини намоён қилишлари учун имконият яратмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро нефть ва газ саноати коллежининг 10 нафар иқтидорли ўқувчисига ҳамда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали 9 нафар талабасига “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook